Озарбайжон расмийлари Украинага қурол-яроғ етказиб беришга қўйилган эмбаргони бекор қилиши мумкин. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Caliber нашри хабар берди.

Бунга сўнгги кунларда Россия армиясининг Украинадаги Озарбайжон объектларини нишонга олаётгани сабаб бўлмоқда. Жумладан, Одесса вилоятидаги SOCAR давлат компанияси ҳужумга учраган эди. Агар Россия Боку манфаатларига қарши “тажовузкор сиёсат”ни давом эттирса, қурол экспортига қўйилган чеклов олиб ташланади.
Украина президенти Владимир Зеленский ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 10 август куни телефон орқали мулоқот қилди. Улар Озарбайжоннинг Украина ҳудудидаги объектларига ва газ етказиб берувчи компрессор станциясига уюштирилган “мақсадли ҳаво ҳужумларини” қоралади. Давлат раҳбарлари бу ҳолат энергетика соҳасидаги ҳамкорликка путур етказмаслигини таъкидлади.
Озарбайжон объектларига Россия ҳужумлари
6 августга ўтар кечаси Россия дронлари Одесса вилоятидаги “Орловка” газ компрессор станциясига зарба берди. Бу станция орқали Озарбайжон Украинага газ етказиб беради. Украина Энергетика вазирлиги ҳужум “фақат фуқаролик инфратузилмасига, мақсадли равишда энергетика соҳасига ва бир вақтнинг ўзида Озарбайжон, АҚШ ҳамда Европадаги ҳамкорларга қарши” қаратилганини билдирди.
8 августга ўтар кечаси Россия Қуролли кучлари Одесса вилоятидаги SOCАR омборига “Shahed” дронлари билан ҳужум уюштирди. Оқибатда ёнғин чиқиб, дизель ёқилғиси қувурига зарар етди. Россиялик “ҳарбий мухбир” Владимир Романов таъкидлашича, ўша тунда Одесса вилоятида йўқ қилинган нишонлар орасида Нерубайское қишлоғидаги “Svitanok Oil Trade” нефть омбори ҳам бўлган.
SOCАR июль ойи охирида Украинанинг “Нафтогаз” компаниясига газ етказиб бериш бўйича биринчи шартномани имзолагани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)