Филиппин ва Ҳиндистон ҳарбий денгиз флоти Жанубий Хитой денгизида илк бор биргаликда патруль хизматини ўтамоқда. Бу ҳақда Филиппин армиясига таяниб, Arab News хабар берди.

Маълум қилинишича, икки кун давом этадиган патруль 3 та ҳинд ҳарбий кемаси иштирокида 3 август куни бошланган. Ушбу тадбир Филиппин президенти Кишик Фердинанд Маркоснинг Ҳиндистонга режалаштирилган ташрифи арафасида амалга оширилмоқда. Ташриф давомида унинг Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
“Патрул 3 август куни тушдан кейин бошланган. Ҳозирда денгизда таъминот ишлари олиб борилмоқда”, деди филиппинлик лейтенант полковник Жон Пол Салгадо.
Филиппин Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, президент Маркос Ҳиндистонда ҳуқуқ, маданият ва технологиялар соҳаларида бир нечта келишувларни имзолаши режалаштирилган. Бироқ асосий эътибор эҳтимолий мудофаа битимларига қаратилади.
Таъкидланишича, Филиппин ва Хитой Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудларга даъво қилади. Бу эса улар орасида тез-тез зиддият келиб чиқишига олиб келмоқда. Шу боисдан, сўнгги бир йил ичида Филиппин турли давлатлар билан мудофаа ҳамкорлигини кучайтирган. Пекиннинг Жанубий Хитой денгизи ҳудудларига қилаётган даъвоси халқаро суд томонидан асоссиз деб топилган.
Маълумот учун, Филиппин олдинроқ Ҳиндистондан “БраҳМос” гипертовушли ракеталарини сотиб олган. Бу ракеталар соатига 3450 километр тезликка эга. Айни пайтда, Ҳиндистон ва Хитой орасида Ҳимолай чегаралари борасида зиддият мавжуд. Шунингдек, Деҳли АҚШ, Япония ва Австралияни ўз ичига олган “Квартет” гуруҳи аъзоси ҳисобланади. Хитой эса ушбу иттифоқни ўзига қарши тузилган ҳарбий блок деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)