Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Уттар-Прадеш штатидаги Варанаси шаҳрида ўтказилган сайловолди митингда Покистонни жиддий огоҳлантирди. Унга кўра, агар Покистон томонидан яна бирор “гуноҳ” содир этилса, Ҳиндистон замонавий қуроллари, хусусан, “BrahMos” ракеталари билан жавоб қайтаради. Бу ҳақда RBC хабар берди.

Бош вазир май ойида бўлиб ўтган можароларда ҳинд ҳарбий техникаси сабаб ғалаба қозонилганини таъкидлаган.
“Май ойида ўтказилган ‘Синдур амалиёти’ орқали бутун дунё Ҳиндистоннинг миллий қуроллари нималарга қодирлигини кўрди. Ҳаво мудофааси, дронлар, ракеталар — айниқса ъBrahMosъ — бизнинг қудратимиз рамзидир”, деди Моди.
У Ҳиндистон ва Россия ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “BrahMos” тезкор ракетаси Покистонда одамларни ташвишга солиб, уларни тунлари бедор ушлаб туриш учун етарли эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, “BrahMos” Aerospace компанияси томонидан ишлаб чиқилган бу ракеталар ер, денгиз ва ҳаво орқали учириладиган турга эга. Яқинда Уттар-Прадешдаги Лакхнау шаҳрида янги завод ишга туширилиб, у ерда кейинги авлод “BrahMos-NG” ракеталари ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Улар оғирлиги жиҳатидан енгилроқ (тахминан 1,2 тонна) бўлса-да, 300 км масофани босиб ўтишга қодир бўлади.
Май ойида Ҳиндистон Покистонга қарши “Синдур” номли ҳарбий операцияни амалга оширганди. Бу ҳаракат Жамму ва Кашмирда содир этилган теракт (26 киши ҳалок бўлган) ортидан бошланган. Ҳиндистон бу ҳужум учун “Лашкари Таиба” билан боғлиқ “Қаршилик фронти” гуруҳини айблаган. Покистон эса бу даъволарни рад этиб, қўшни давлатга қарши ҳарбий операцияларни бошлаган эди. Бир неча кундан сўнг томонлар АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олган.
Изоҳ (0)