Исроилнинг “Бецелем” ва “Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар” ташкилотлари алоҳида баёнотлар билан чиқиб, мамлакат ҳукуматини фаластинликларни қирғин қилишда айблади.

“Бецелем” ташкилоти ўз сайтида эълон қилган баёнотда Исроил Ғазо секторидаги фаластин жамиятини йўқ қилиш учун мувофиқлаштирган ва қасддан ҳаракатлар қилаётгани билдирилган.
“Исроилнинг Ғазо секторидаги сиёсати ва унинг даҳшатли оқибатлари таҳлили, шунингдек, юқори лавозимли исроиллик сиёсатчилар ва ҳарбий қўмондонларнинг ҳужум мақсадлари ҳақидаги баёнотлари шундан далолат берадики, Исроил Ғазо секторидаги фаластин жамиятини йўқ қилиш учун мувофиқлаштирган ва қасддан ҳаракатлар қилмоқда. Бошқача айтганда, Исроил Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан қирғин ўтказмоқда”, дейилади баёнотда.
“Бецелем” Исроил ҳукумати томонидан амалга оширилаётган фаластинликларни қирғин қилиш ҳаракатлари Ғазо секторидан ташқари бошқа ҳудудларга ҳам тарқалишидан хавотирда эканлигини билдирган ва уни тўхтатиш учун “Исроил жамияти ва халқаро ҳамжамият томонидан шошилинч ва аниқ чоралар кўрилиши”га чақирган
“Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар” ташкилоти эса ўз навбатида Исроил ҳукуматини “Ғазо соғлиқни сақлаш тизимини ва шу билан бирга аҳолининг яшаб қолиш имкониятини қасддан, босқичма-босқич йўқ қилиш”да айблаган. Бу ҳаракатларга шифохоналарни вайрон қилиш, тиббий жиҳозларни йўқ қилиш, дори-дармонлар тақчиллигини келтириб чиқариш, шунингдек, оммавий очлик учун шароит яратиш киради. Ташкилотнинг фикрича, бу ҳаракатларни қирғин сифатида баҳолаш мумкин.
Бразилия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат Исроилга қарши Халқаро жиноий судга киритилган даъво ишига расман қўшилишга тайёргарлик кўраётганини билдирганди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазодаги геноцидда Гитлерни ортда қолдирганини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)