Индонезиянинг Риау провинциясида яшовчи 10 ёшли Райян Аркан Дихе “Pacu Jalur” номли миллий фестивалда анъанавий тез юрувчи қайиқнинг бурнида рақсга тушди ва бир зумда ижтимоий тармоқларда юлдузга айланди. NDTV хабар беришича, Дихенинг ҳаракатлари қайиқ сузиб турганига қарамай, енгил ва эркин кўринган.

Дихенинг чиқиши машҳурлар эътиборини ҳам тортди. Унинг рақси ҳақида америкалик футболчи ва Тейлор Свифтнинг қаллиғи Тревис Келси, футболчи Диэго Луна, пойгачи Александр Албон, автопойгачи Марк Маркес ҳамда BTS гуруҳининг аъзолари Чонгук ва Би ўз фикрларини билдиришди.
Дихенинг рақс маҳорати кўпчилик томонидан “аура фармлаш”нинг энг ёрқин намунаси сифатида тан олинмоқда. Бу атама инсоннинг ҳеч қандай зўраки ҳаракатларсиз, табиий ҳолда жозибали, ишончли ва ўзига хос кўриниш қобилиятини англатади. Масалан, Дихенинг қайиққа чиқиб рақсга тушиши — бу нафақат рақс, балки ўзига хос услуб ва енгилликни намоён этувчи чиқиш.
Райян 2014 йил 28 декабрда Риау провинциясининг Куантансингинги туманида туғилган. У ҳозирда 5-синфда ўқийди, қайиқда рақсга тушишни эса тўққиз ёшидан бошлаган. Унинг отаси ва амакиси анъанавий қайиқ пойгаси бўлган “Pacu Jalur” фестивалининг доимий иштирокчилари. Мазкур фестивалда қайиқнинг бурнида рақсга тушувчи иштирокчи эшкакчиларни руҳлантириб, кучларини пойганинг охиригача бир маромда ишлатишига ёрдам беради.
Райян Дихенинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган рақс ҳаракатларини унинг ўзи ўйлаб топган. Машҳурликка эришганидан сўнг у янги имкониятларга ҳам эга бўлди: яқинда Риау губернатори уни провинциянинг маданият элчиси этиб тайинлади. Шунингдек, у Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида маданият ва туризм вазири билан учрашди ва бир неча телевизион дастурларда иштирок этди.
India Times нашрининг ёзишича, Райян Дихе иштирокидаги видео маҳаллий маданият ва “Pacu Jalur” фестивалига эътиборни оширди, фестивал эса минг йиллик анъанадан замонавий феномен даражасига кўтарилди.

Райян ўзига ва соғлиғига эҳтиёткор бўлишни маслаҳат беради. Унинг хавфсизлиги ҳақида айниқса онаси жуда қайғуради. Аёлнинг айтишича, қайиқда рақсга тушаётган пайтда ўғли йиқилиб тушиши мумкин. Шунга қарамай, уни тинчлантирадиган жиҳат бор: Райян сузишни жуда яхши билади, фестивал вақтида эса қутқарувчилар навбатчилик қилади.
Интернет юлдузига айланган Дихе келажакда полициячи бўлишни орзу қилади.
Изоҳ (0)