Мадриднинг “Реал” клуби дарвозабони, 25 ёшли украиналик Андрей Лунин ёзги трансфер ойнасида жамоадан кетиши мумкин. Бу ҳақда MSN нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, Лунинга Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби жиддий қизиқиб қолган. “Қизил иблислар” бош мураббийи Рубен Аморим раҳбариятга аниқ талаб қўйган — жамоага дарвозабон сотиб олиниши шарт. Клубнинг асосий мақсади — “Астон Вилла” посбони, жаҳон чемпиони Эмилиано Мартинес бўлса, иккинчи номзод айнан Лунин ҳисобланади.
Шу билан бирга, Мартинес Саудия Арабистонидан янада яхшироқ молиявий таклиф олган. Шу боис “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти Лунин трансферига эътиборни кучайтириши мумкин.
Маълумот учун, ўтган мавсумда Андрей Лунин барча мусобақалар доирасида 14 та баҳсда майдонга тушиб, 19 та гол ўтказиб юборган. Шунингдек, у 6 та ўйинда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолган. Transfermarkt портали украиналик дарвозабоннинг қийматини 18 миллион еврога баҳоланмоқда. Футболчининг “қироллик клуби” билан шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
Изоҳ (0)