Ёзги жазирамада кўпчилик тетиклаштирувчи ичимликлар орқали чанқоқни қондиришга ҳаракат қилади. Улар орасида севимли қаҳва ҳам бор. Аммо иссиқ ҳавода қаҳва ичиш саломатликка ижобий таъсир қиладими? Бу саволга шифокор эндокринолог Даря Хайкина жавоб берди.

Қаҳва иссиқ мавсумда ҳатто совуқ ҳолда ичилганда ҳам терлашни кучайтиради. Мутахассиснинг таъкидлашича, ичимликнинг ҳарорати бундай таъсирда муҳим рол ўйнамайди.
Қаҳвадаги кофеин асаб тизимини фаоллаштиради, юрак уришини тезлаштиради ва тери юзасига қон оқимини кучайтиради. Буларнинг барчаси тана ички ҳароратининг ошишига олиб келади. Организм эса ҳаддан ташқари қизиб кетишни бартараф этиш учун табиий совитиш механизмини ишга туширади ва тер ажралиши кучаяди.
Бундан ташқари, кофеин организмда адреналинни кўпроқ ишлаб чиқаришга туртки беради. Бу эса нафас олиш тезлигини оширади, қон босимини кўтаради ва моддалар алмашинувини жадаллаштиради. Иссиқ об-ҳавода бундай ўзгаришлар организмга ортиқча юклама бериши ва ҳолсизликни келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, қаҳва буйраклар фаолиятига таъсир қилиб, суюқликнинг тезроқ чиқиб кетишига сабаб бўлади. Бу ҳам терлашни кучайтирувчи омил саналади. Шу сабабли қаҳвани салқинроқ вақтларда, масалан, кечқурун истеъмол қилиш ва ҳар бир финжон қаҳва билан бирга албатта бир стакан сув ичиш тавсия қилинади. Бу ёзда сувсизланишнинг олдини олишга ёрдам беради.
Изоҳ (0)