Россия бош вазири Михаил Мишустин ТАСС ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусманни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармойишни имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинган.

Кадрлар бўйича қарор сабаблари ҳужжат матнида кўрсатилмаган.
Маълум қилинишича, ТАСС бош директори Андрей Кондрашов Гусманга “агентликдаги 30 йиллик фидокорона меҳнати” учун миннатдорлик билдириб, унга янги лойиҳалар ва иқтидорли жамоалар тилаган.
Гусманнинг истеъфоси унинг Озарбайжондаги Шуша Глобал Медиа Форумидаги иштироки атрофидаги шов-шув билан боғлиқ бўлиши мумкин. У Шушада президент Илҳом Алиевга савол билан мурожаат қилиб, Озарбайжоннинг ташқи сиёсатини “мутлақо ноёб” деб таърифлаб, унинг асосий тамойилларини тушунтириб беришни сўраган.
“Сиздан буни қандай уддалаётганингизни сўраш моҳир скрипкачидан скрипкани қандай чалишини сўраш билан баробар эканлигини тушунаман. У шунчаки: “Ғижжакни, камонни олиб чаламан”, дейди. Аммо сизнинг сиёсатингиз, менимча, жуда аниқ ва пухта ўйланган сиёсий тамойилларга асосланган бўлиб, бу сизга ушбу кўп қиррали сиёсатни юритишга имкон беради. Шу боис, менимча, муваффақиятли ташқи сиёсат олиб боришга ёрдам берадиган президент Алиевнинг 5-7 та асосий сиёсий тамойилларини айтиб бера оласизми?”, дея сўраган Гусман.
Форумдан сўнг бир қатор россиялик блогерлар Гусманни қаттиқ танқид қилишган. Telegram каналлар муаллифлари уни “озарбайжон қамоқхоналарида рус журналистлари ўтирган” бир пайтда Бокуга хушомад қилишда айблашган.
Москва ва Боку ўртасидаги муносабатлардаги инқироз 2024 йил 25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида AZAL самолёти ҳалокатга учраганидан сўнг кескинлашди. Самолёт Бокудан Грознийга йўл олган эди. Июль ойи ўрталарида Озарбайжон Россияга қарши халқаро судга даъво аризаси топширмоқчи экани маълум бўлди.
Ўзаро ҳибсга олишлардан сўнг вазият янада кескинлашди. Июнь ойи охирида Екатеринбургда 2001-2011 йиллардаги жиноятлар бўйича ишлар доирасида 50 га яқин Озарбайжон фуқароси қўлга олинди. Икки нафар асосий гумонланувчи - ака-ука Ҳусейн ва Зияддин Сафаровлар тергов ҳаракатлари давомида вафот этди. Боку уларнинг ўлимига олинган тан жароҳатларидан кейинги шок сабаб бўлганини таъкидламоқда.
Бунга жавобан Озарбайжонда ўндан ортиқ россиялик ҳибсга олинди. Шунингдек, “Спутник Озарбайжон” таҳририятида тинтув ўтказилиб, икки ходим қамоққа олинди.
Изоҳ (0)