Тожикистон ҳукумати мамлакатда истиқомат қилаётган афғон қочқинларини оммавий депортация қилиш фактини расман тасдиқлади. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари хабар берди.

Идоранинг таъкидлашича, “минтақа ва дунёдаги мураккаб сиёсий-иқтисодий вазият” туфайли мамлакатга чет элликлар оқими сезиларли даражада ошган. Шу сабабли кўплаб муҳожирлар Тожикистонда ноқонуний яшаётгани ёки белгиланган қоидаларни бузаётгани аниқланган.
Текширувлар давомида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, экстремизмни тарғиб қилиш, қочқин мақомини олиш учун ҳужжатларни қалбакилаштириш, Тожикистондан транзит ҳудуд сифатида фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Шу муносабат билан, қонунбузарларни чиқариб юбориш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, Афғонистон фуқароларининг бир қисмини депортация қилиш режалаштирилган. Июль ойи бошида маҳаллий нашрлардан бири Тожикистондаги афғон муҳожирларига 15 кун ичида мамлакатни тарк этиш тўғрисида ультиматум қўйилгани ҳақида хабар берган эди.
Шундан сўнг, Душанбе, Вахдат ва Рудакий туманларида ҳибсга олиш ва депортация қилиш бошлангани ҳақида маълумотлар тарқалган. Гувоҳлар қўлга олишлар кўпинча иш жойларида содир бўлаётганини билдирган. Тожикистондаги афғон муҳожирлари қўмитаси раҳбари Мусаввир Баҳодурий депортацияларни мамлакатда яшаш қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлаган.
Унинг сўзларига кўра, афғонлар “номақбул соқол қўйиш, ноўрин хатти-ҳаракатлар, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, можароларда иштирок этиш, ижтимоий тармоқларда сиёсий фикрлар билдириш, диний тарғибот олиб бориш, ҳужжатсиз ишлаш ва фуқароларни ҳақорат қилиш” каби сабаблар билан чиқариб юборилмоқда.
Шу билан бирга, Баҳодурийнинг ўзи июль ойидаги оммавий депортация ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атаган. У “қочқинлардан ҳеч бири қўмитага расман мурожаат қилмаганини” айтган.
Изоҳ (0)