Тошкентнинг Олмазор туманидаги омборхонада жойлашган сиғимдан 21 июль куни перекис водород моддаси очиқ ҳавога сизиб чиқди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Пойтахт ФВБга туманнинг Uzumбоғ кўчасида ҳаводан олтингугурт ҳиди келаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда атрофни туманга ўхшаш қуюқ тутун қоплагани акс этган видеолар тақалди. Бир нечта тез ёрдам машиналари воқеа жойига қараб ҳаракатланган.
Бу вақтда ҳаво ифлосланишининг “зарарли” ва “жуда зарарли” даражаси қайд этилди.

Воқеа жойига зудлик билан Тошкент шаҳар ФВБнинг Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя бўлимлари етиб борган. Омборхонадаги сиғимдан перекис водород моддаси очиқ ҳавога сизиб чиқиши соат 04:00 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Май ойида Қўқондаги корхонада суюқ аммиак моддасини вагондан махсус идишга ўтказилаётган вақтда шлангда ёрилиш ҳосил бўлиб, тахминан, 10 фоиз аммиак завод ҳудудига сизиб чиққанди. Барча фуқаролар ва завод ишчилари воқеа жойидан фавқулодда бошқа жойга кўчирилган. 10 га яқин киши тез тиббий ёрдамга мурожаат қилганди.
19 июль куни тонгда Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплади. Худди шундай ҳолат 13 июлда ҳам кузатилганди. Аҳоли орасида бу вазият “Навоийазот” АЖ фаолияти билан боғлиқ деган хабарлар тарқалди. Навоий вилояти Экология бошқармаси ҳам ҳавонинг ифлосланишида ушбу корхонани айбдор деб топди. Корхона айбловни рад этди. Ҳолатнинг асл сабабчиларини аниқлаб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўришга чақирди.
Изоҳ (0)