Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси (ҚМБ) Counter-Strike 2, Dota 2, GTA, League of Legends, Minecraft ва Genshin Impact каби машҳур ўйинларни шариат нуқтаи назаридан ўйнаш жоизми, деган саволга жавоб берди. Бошқарма мусулмонларга қандай компьютер ўйинларини ўйнаш рухсат этилганини ҳам маълум қилди.

Маълум қилинишича, зўравонлик, қотиллик, уруш, худосизлик ёки динни масхара қилиш саҳналари мавжуд бўлган барча ўйинлар қатъиян ман этилган. Мусулмонлар бошқармаси видео ўйинлардаги азартга ҳам тўхталган.
Ўйинда қимор унсурлари бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр (ароқ), қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз (Моида сураси, 90-оят), дея тушунтирган Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси.
Бу бевосита Counter-Strike 2, Dota 2, GTA каби ўйинларга тааллуқли, чунки уларда шафқатсиз саҳналар ва зўравонлик унсурлари мавжуд.
Нимани ўйнаш мумкин?
“Ушбу мезонларга зид бўлмаган мантиқий, ривожлантирувчи ва таълимий ўйинлар рухсат этилган деб ҳисобланиши мумкин”, дея маълум қилди Мусулмонлар бошқармаси ва ҳалол доирадан чиқмаса, ўйин орқали дам олиш мумкинлигини билдирди.
Идора электрон ўйинлар қуйидаги ҳолларда умуман тақиқланмаслиги ҳақида эслатма берди:
- диний мажбуриятларни бажаришга халақит бермаса;
- таркибида қимор унсурлари бўлмаса;
- руҳият ва шахсга зарар етказмаса;
- ҳақоратли сўзлар ишлатилмаса;
- ақлни ўстирса ва ҳаддан ташқари кўп вақт олмаса.
Изоҳ (0)