Жорий йил 1-чорагида мамлакатда туғилганлар сони ўтган йил мос давридагидан 7,6 минг нафарга кам бўлди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълум қилди.

2025 йилнинг 1 апрель ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37,7 миллион кишига етди. Бу 2024 йил мос давридагидан 734,5 минг кишига (2 фоиз) кўп.
Аммо мамлакатда туғилишлар сони камайиш трендига ўтган. Жумладан, шу йилнинг январь—март ойларида 198,1 минг чақалоқ туғилган. Таққослаш учун 2022 йил мос даврида 203,6 минг, 2023 йил илк чорагида 215 минг, 2024 йил йилнинг дастлабки уч ойида 205,7 минг нафар бола дунёга келган.
Энг кўп аҳоли яшайдиган ҳудудлар Самарқанд (4,3 миллион киши) ва Фарғона (4,1 миллион киши) бўлиб қоляпти. Энг кам аҳоли сони Сирдарё (934,5 минг киши) ҳамда Навоий (1,1 миллион киши) қайд этилган.

Республикада вафот этганлар сони ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, жорий йил январь—март ойларида мамлакатда 41,4 минг киши вафот этган. 2024 йил 1-чоракда 40,2 минг, 2023 йилнинг илк уч ойида 39 минг киши оламдан ўтганди.
Жорий йил 1-чоракда республикада 43,8 мингта никоҳ, 11,5 мингта никоҳдан ажралиш қайд этилди. Ўтган йил мос даврида тузилган никоҳлар 48,6 мингтани ташкил этган, ажрашишлар эса 11,5 мингта бўлган.
Аввалроқ 2024 йилда Ўзбекистонда 926,4 минг нафар бола туғилгани, бу нафақат 2023 йилдаги, балки 2022 йил кўрсаткичидан ҳам пастлиги хабар қилинган.
Изоҳ (0)