Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий Ражастан штатида қудуққа тушиб кетган қизни қутқара олишмаяпти, деб хабар бермоқда India Times нашри.
Четна исмли уч яшар қизалоқ олти кундирки 45 метрли чуқурликда қолмоқда. ОАВнинг ёзишича, 130 соат давомида озиқ-овқатсиз қолаётган қиз беш кундан буён ҳеч қандай ҳаракат белгиларини кўрсатмаган. Олти кундан бери давом этаётган қутқарув операциясидан ҳозирча ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ.
“Айни дамда қутқарув операцияси якуний босқичда. Мутахассислар ерни 50 метрдан ортиқ чуқурликда бурғулашга муваффақ бўлишди. Қутқарувчилар Четнада жойлашган қудуққа туннел ясашга ҳаракат қилмоқда”, дейилади India Times хабарида.
2022 йили шунга ўхшаш воқеа Марокашда содир бўлган, чуқурлиги 32 метр бўлган қудуққа тушиб кетган беш яшар Райан исмли бола қутқарувчилар етиб боргунча вафот этганди.
Чироқчида артизан қудуққа тушиб кетган 6 ёшли бола бир кун ўтиб қутқарилган, махсус қутқарув операциясида “Қалқама” маҳалласида яшовчи 8-синф ўқувчиси Озодбек Йўлдошев ҳам қатнашиб, қудуқнинг тор туйнугидан ўтиб, болакайни олиб чиққанди.
Афғонистонда 25 метрли қудуққа тушиб кетган ва орадан деярли уч кун ўтиб олиб чиқилган бола ҳалок бўлганди.
Изоҳ (0)