Тожикистонда 9 ойда 49 минг киши расман ишсиз деб тан олинди, бу умумий меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,8 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда республика Меҳнат ва бандлик вазирлигига таяниб, AsiaPlus хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу даврда меҳнат ва бандлик органларига 112 минг 515 нафар фуқаро мурожаат қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 фоизга кўпдир. Мурожаатларнинг асосий сабаблари — ишга жойлаштириш, касбий қайта тайёрлаш ва таълим олишга кўмаклашиш.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича 2023—2027 йилларга мўлжалланган давлат дастурида 355 минг кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.
9 ой давомида дастур 93 фоизга бажарилди, бу унинг юқори самарадорлигидан далолат беради, дейилади вазирлик хабарида.
2024 йил октябрь ойи (10 ой) ҳолатига кўра давлат дастури доирасида 63 831 киши ишга жойлаштирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 фоизга кўп.
Тожикистонда ишсизлик даражасини пасайтириш ва меҳнат бозоридаги вазиятни яхшилаш, фуқароларни иш билан таъминлаш ва касбий ўсиш учун қўшимча имкониятлар яратиш бўйича фаол ишлар давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)