Испания терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Родри Эрнандес фаолиятини Ла Лигада давом эттириши мумкин.
Футболчига Мадриднинг “Реал” клуби қизиқиш билдирмоқда, деб хабар беради Diario AS. Манбага кўра, “қироллик” клуби раҳбарияти келаси йили ярим ҳимоячи билан шартнома имзолаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Унинг ҳозирги трансфер қиймати 130 миллион еврога баҳоланмоқда. Эрнандеснинг шаҳарликлар билан тузилган меҳнат шартномаси 2027 йилнинг ўрталарига қадар амал қилади. Ўтган мавсумда ярим ҳимоячи 50 та ўйинда иштирок этиб, 9 та гол ва 14 та голга ассистентлик қилган.
28 ёшли футболчи фаолиятини “Райо Махадаонда” клубида бошлаган. Профессионал фаолияти “Вильярреал” клуби билан чамбарчас боғлиқ. Кейинчалик футболчи Испаниянинг “Атлетико” клубида бир йил ўйнаб, 34 учрашувда 3 бора рақиблар дарвозасига гол урган. 2019 йилдан буён Англиянинг “Манчестер Сити” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.
Изоҳ (0)