Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида очиқ дала майдонида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ФВБ хабар берди.
Маълум қилинишича, 4 сентябрь куни соат 01:46 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тезкор бошқарув марказига Бўстонлиқ тумани “Қоронқул” маҳалласи ҳудудида очиқ дала майдонда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан ёнғин жойига 2 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳамда 30 нафар қутқарувчи жалб қилинган. Ёнғин “Қоронқул” МФЙ ҳудудидаги туман захира ерларида 2 гектар майдонда юзага келиб, натижада ушбу ҳудуддаги қуруқ ўт ва шох-шабба ёнган.
Олиб борилган саъй ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 02:50 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Бир ҳафта аввал, 29 август куни соат 00:35 да ҳам Бўстонлиқ туманидаги ўрмон ер майдонларида ёнғин содир бўлганди. Ёнғин жойига 3 та ёнғин-қутқарув экипажи, 30 нафар қутқарувчи ҳамда Бурчмулло ўрмон хўжалигидан 20 нафар ходим жалб қилинган.
Ёнғин Бўстонлиқ тумани “Маърифат” МФЙ, Бурчмулло ўрмон хўжалигига қарашли ҳудудда 1,5 гектар майдонда юзага келиб, натижада ушбу ҳудуддаги қуруқ ўт ва шоҳ-шабба ёнган. Олиб борилган саъй ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 01:50 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Изоҳ (0)