Кўксарой қароргоҳида 23 август куни Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга ошираётган Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Икки давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбайжон президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни кутиб олди ва шоҳсупага таклиф қилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат мадҳиялари янгради.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегация аъзоларини қутлади.
Биргаликда суратга тушилгандан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бошланди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев рафиқаси Меҳрибон Алиева ҳамроҳлигида 22 август куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Уларни Тошкент халқаро аэропортида бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Озарбайжон президенти ва биринчи хоними Ҳайдар Алиев ёдгорлиги мажмуасига борди. Улар ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиб, атоқли давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси Ҳайдар Алиев хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғида ҳам бўлиб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида олий даражадаги музокаралар ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилган. Саммит кун тартибидан Ўзбекистон—Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Илҳом Алиев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга сўнгги марта 2022 йилнинг июнида келганди.
Изоҳ (0)