ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва ДХХ ходимлари томонидан 1994 ҳамда 1997 йилда туғилган икки нафар шахс йирик миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қадоқлаб, Тошкентда “закладка” усулида тарқатиш билан шуғулланаётганлиги тўғрисида маълум қилинган. Бу ҳақда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти хабар берди.

Маълумот асосида ушбу икки нафар шахс Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, уларнинг ёнида 300 дона “Прегабалин” ва 8 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Тадбир давом эттирилиб, қўлга олинган шахслардан бирининг яшаш манзилида тарқатиш учун тайёрлаб қўйилган ва қадоқлаш учун сақлаб келинаётган дори воситалари, флаконлар, бўш капсулалар, электрон тарозилар ҳамда дори воситаларини қадоқлаш мақсадида турли аралаштириш мосламалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Қўлга олинган шахсга тегишли Spark автомашинаси юкхонасида 12 дона кир ювиш кукуни қадоғига яширилган 36 килограмм ва елим идишда 1,5 килограмм “Прегабалин” борлиги аниқланди. Шунингдек, 2 700 дона қадоқланган “Прегабалин” дори воситалари ва бўш капсулалар борлиги маълум бўлди.

Ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида чакана нархи 35 млрд 692 млн сўмлик жами 42 кг 806 грамм кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)