Фарғона вилоятининг Фарғона тумани ҳудудида 25 июль куни сел оқимлари кузатилди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар берди.
Қайд этилишича, шу куни жала ва дўл ёғиб ўтган. Бунинг натижасида:
- Фарғона тумани “Шоҳимардон” МФЙ ҳудудида жойлашган Қуркул сел йўлидан соат 15:30 да 1,5-2 метр куб/секунд сел оқимлари вужудга келиб, аҳоли ва ҳудудларга зарар етказмаган ҳолда сел йўлидан оқиб ўтган.
- Фарғона тумани Шоҳимардон қишлоғи тоғ-адирликларидан соат 15:30 да жала ёмғир ва дўл ёғиши натижасида 4-5 метр куб/секунд сел оқимлари вужудга келиб, қишлоқ врачлик пункти ҳовлиси ҳамда 4 та аҳоли ҳовли жойларини қум-шағал билан тўлдирган. Шунингдек, йўл четида турган 2 та автомобиль атрофи қисман қум-шағал билан қопланган.
- Фарғона тумани “Ёрдон” МФЙ ҳудудида жойлашган Букан сел йўлидан соат 15:30 да 1,5-2 метр куб/секунд сел оқимлари вужудга келиб, аҳоли ва ҳудудларга зарар етказмаган ҳолда сел йўлидан оқиб ўтган.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси берган хабарга кўра, сел оқимлари натижасидан фуқаролар ўртасида жабрланганлар йўқ. Ҳозирда туман ФВДT хизматлари куч ва воситаларини жалб этган ҳолда махсус техникалар ёрдамида сел оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.
“Ўзгидромет” 4 та вилоятда 23—26 июль кунлари кутилаётган ёғингарчилик сабаб сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида аввалдан огоҳлантирганди.
Изоҳ (0)