Ўш вилоятида сел келиши оқибатида ҳалок бўлган етти ёшли қизнинг жасади Андижондан топилди. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб, “24.кг” хабар берди.
Маълум қилинишича, 2017 йилда туғилган қизнинг жасади Андижон шаҳридаги Шаҳрихонсой ирригация каналидан топилган. Жасад “Дўстлик” чегара пости орқали Қирғизистон томонига топширилган. Қутқарувчилар сел оқизиб кетган икки аёл ва яна икки қизни қидиришда давом этмоқда.
14 июль куни кучли ёғингарчилик натижасида Ўш вилояти қишлоқлари ва Ўш шаҳрида кучли сел кузатилганди. Ҳодиса оқибатида Андижон вилояти Оқбўра сойи Хўжаобод тумани Ёрқишлоқдаги кўприкни сел оқизиб кетган, пиёдалар кўприги қулаб вайрон бўлган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Шу куни Андижон вилояти ҳокимлиги Шаҳрихонсойдан оқиб кетган қиз жонсиз ҳолатда топилганини маълум қилганди. ИИБ вакиллари қизнинг шахсига аниқлик киритишлари ҳақида маълумот берган. Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марҳума уларнинг фуқароси эканини хабар қилган.
Изоҳ (0)