Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнининг ўта мураккаб экани ҳақида гапирди.
Саида Мирзиёева ЖСТга қўшилиш жараёни ўта мураккаб эканини, ҳеч бир давлат ҳақиқий ислоҳотларсиз тараққиётга эриша олмаслигини таъкидлади.
Мақсад фақат Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишигина эмас. Ҳозирги кунда амалга оширилаётган машаққатли, аммо жуда муҳим ислоҳотлар, биринчи навбатда, иқтисодиётимизни барқарорлаштириш, халқимиз турмушини яхшилашга қаратилган.
Ташкилотга ҳам, бутун дунёга ҳам, бизнинг анча таклифларимиз бор. Истеъдодли ва иқтидорли ёшларга бой, Марказий Осиё минтақасида аҳолиси энг тез суръатларда ўсаётган мамлакат сифатида жаҳонга янги ғоялар, ўзига хос тажрибалар ва хизматларни тақдим эта оламиз, — дейди президент ёрдамчиси.
Аввалроқ Саида Мирзиёева “Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни” конференцияси доирасида ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.
5 июнь куни Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси кўмагида ўтказилган юқори даражадаги конференция президент ёрдамчиси Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш йўлидаги шаҳдам қадамлари яна бир бор намоён бўлганини қайд этди.
Изоҳ (0)