Президент раислигида бўлиб ўтаётган йиғилишда Шаҳрисабз шаҳри – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 2024 йилдаги туризм пойтахти деб эълон қилингани айтилди.
Шу боис ҳукумат олдига Шаҳрисабзда туризмни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар қўйилди. Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз туманида Туризм кластери ташкил қилинади. Ҳисорак-Ғелон ва Ҳисорак—Сарчашма йўли икки тасмали қилиб таъмирланади.
Чироқчи—Шўрқудуқ автомобиль йўлининг 30 километри таъмирланиб, Самарқанддан Шаҳрисабзга қатнов вақти қисқаради. Натижада Шаҳрисабзга кўпроқ сайёҳни жалб қилиш имконияти яратилади.
Шаҳрисабзда туризм кластерини ташкил этиш доирасида 2025 йилда Ғелондан ўтувчи Оқсу дарёсида қуввати 24 мегаваттли 3 та ГЕСни ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, Шаҳрисабз туризм техникумида Швейцария дастури асосида йилига 100 нафар мутахассис тайёрланади.
Умуман, мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига туризм салоҳияти юқори 20 та туманни танлаб олиб, Россия, Туркия, Хитойдан маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда ушбу туманлар мастер режасини ишлаб чиқиш ва ҳар бирига камида 50 миллион долларлик инвестиция жалб қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Изоҳ (0)