Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризмни янада ривожлантириш бўйича устувор масалалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ва соҳадаги тадбиркорлар билан мулоқот бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари ҳозирги мураккаб геосиёсий ва иқтисодий вазиятда туризм каби янги иш ўрни яратадиган, инвестиция ва экспортни кўпайтирадиган соҳаларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
Мамлакат туризм соҳасида ана шундай ишга солинмаган салоҳият борлиги, куни-кеча Ислом ҳамкорлик ташкилоти Туризм кенгашига раислик қилиш ваколати Ўзбекистонга ўтгани ҳам катта имконият экани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан мутасаддилар ва ҳокимлар соҳадаги тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоларни, фикр ва таклифларини ўрганиши, улар билан бамаслаҳат иш тутиши муҳимлиги таъкидланди.
Ўтган йил Самарқандда ўтган Глобал туризм инвестиция форумида 2,3 миллиард долларлик келишувларга эришилган эди. Лекин айрим лойиҳалар бўйича ишлар суст кетаётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Наманган, Андижон, Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва пойтахтдаги лойиҳаларга ҳалигача ер танланмаган. Сирдарё ва Жиззахда хорижий ҳамкорларга бирорта лойиҳа таклиф қилинмаган.
Шу билан бирга, ишлар тўғри ташкил этилган ҳудудларда натижа бор. Масалан, хорижий инвесторлар Шаҳрисабз тумани Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари орасида 3 минг гектарлик тоғ-чанғи комплексини ташкил қилиш, Мираки қишлоғида туризм зонасини барпо этиш ишлари бошланди.
Иқлими, табиати Шаҳрисабзга ўхшаш бўлган Оҳангарон, Ургут, Янгиқўрғон, Поп, Чортоқ, Бахмал туманлари ҳокимларида бу борада бирорта ташаббус йўқлиги танқид қилинди.
Изоҳ (0)