Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳузурида Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда уюшма фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарорида белгиланди.
Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
- ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашаридан тушадиган тушумларнинг 10 фоизи;
- тизим ташкилотларининг соф фойдасидан 10 фоизи;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
- вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
- ҳар йили бюджет параметрларида маҳаллаларнинг бошқарув тизимини молиялаштириш учун кўзда тутилган маблағларнинг бир қисми ва бошқа манбалар.
Жамғарма маблағлари маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш учун сарфланади.
Шунингдек, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини тўлақонли ва самарали жорий этишга, “Маҳалла еттилиги” аъзоларини ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда улар орасида ўз фаолияти намунали ташкил этганларни рағбатлантиришга уюшма, унинг ҳудудий бўлинмалари, фуқаролар йиғинларининг биноларини капитал таъмирлаш ҳамда уларни инвентарлар, мебел, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлашга ҳам сарфланиши мумкин.
Ҳужжат билан “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси тугатилмоқда.
Изоҳ (0)