Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз ал-Сауд пневмонияга чалиниб, касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда SPА ахборот агентлиги хабар берди.
88 ёшли қиролга Жидда шаҳридаги шифохонада шундай ташхис қўйилган, у юқори иситма ва бўғимлардаги оғриқлар туфайли текширув учун 19 май куни касалхонага ётқизилган.
“Икки муқаддас даргоҳ қўриқчиси Жидда шаҳридаги “Ас-Салом” қироллик клиникасида тиббий кўрикдан ўтди, унда пневмония борлиги аниқланди ва шифокорлар яллиғланишни тўхтатиш учун қирол антибиотик терапиясини олиши кераклигига қарор қилди”, — дейилади хабарда.
Бундан аввал монарх 24 апрель куни касалхонага ётқизилганди. Ўшанда у режали текширувдан сўнг касалхонадан чиқарилган.
Салмон бин Абдулазиз ал-Сауд Саудия Арабистони раҳбариятини 2015 йилнинг январида қабул қилган. Bloomberg таъкидлашича, қиролнинг ўғли ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ал-Сауд узоқ вақтдан бери мамлакатдаги “кундалик ишларнинг кўп қисмини бошқариб келади”.
Изоҳ (0)