Фотоқопқонлар камерасига туз билан озиқланаётган морхўр такаси муҳрланди, деб хабар бермоқда Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси.
Тасвирларда Экология вазирлиги тасарруфидаги “Сурхон” давлат қўриқхонасида ўтказилган биотехник тадбирлар давомида қўйилган туз бўлакларини морхўрлар галаси ялаётган жараёни қайд этилган.
Морхўр Ўзбекистон Қизил китобига ҳамда Халқаро ТМХИ Қизил рўйхатига киритилган, йўқолиб кетиш ёқасида турган, локал кенжа турдир. Унинг бошқа ҳайвонлардан яққол фарқли кўриниши бу уларнинг ёши катта такаларидаги буралган катта ва узун (90-100 см) шохларидир.
Морхўр сўзининг маъноси форсча “мор – илон, хўр – ейиш”, яъни “илон еювчи ҳайвон” деган маънони англатади. Лекин морхўрларнинг бундай номланишига уларнинг катта буралган кўринишидан илонни эслатувчи шохлари сабабчи бўлиши ҳам мумкин.
Ҳозирги кунга келиб Сурхон давлат қўриқхонасидаги морхўрларнинг сони охирги саноқ натижаларига кўра 673 бошни ташкил қилмоқда.
Изоҳ (0)