Россия қўшинлари 17 апрель куни Украинанинг Чернигов вилоятига ҳужум қилди. Оқибатда 11 киши ҳалок бўлди, 22 киши жароҳатланди. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти раҳбари Вячеслав Чаус хабар берди.
Вайроналар остида ҳали ҳам одамлар бор. Қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда. Россия қўшинлари Чернигов марказига учта ракета зарбаси берган. Чернигов мери вазифасини бажарувчи Александр Ломако ижтимоий инфратузилма объектига ракета тушганини айтмоқда.
“Афсуски, қурбонлар сони ортиши мумкин. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етарлича олганида ва Россия террорига қарши курашда дунёнинг қатъияти етарли бўлганида, бундай бўлмасди”, — дея ҳужумга муносабат билдирди Украина президенти Владимир Зеленский.
Россия қўшинлари Украина ҳудудига ҳар куни дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилади. Сўнгги бир неча ҳафта ичида Россия ҳарбийлари янги тактикалардан фойдаланган ҳолда энергетика инфратузилмаси объектларига зарбалар бермоқда. Шунингдек, рус қўшинлари камроқ ҳимояланган ҳудудлардаги энергетика объектларига ҳужум қилаётгани қайд этилган.
Изоҳ (0)