Россия хорижий разведка хизмати раиси Сергей Наришкин хавфсизлик бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун Пхеньянга борган. Бу ҳақда Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги хабарига таяниб, “ТАСС” нашри маълум қилди.
Манбада айтилишича, разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин душанбадан чоршанбагача бўлган даврда Шимолий Корея давлат хавфсизлик вазири Ри Чанг Даэ билан учрашган. Суҳбат мавзуси икки томонлама хавфсизликка таҳдидларни бартараф этиш борасида бўлган.
“Расмийлар душман кучларнинг тобора ортиб бораётган жосуслик ва фитна ҳаракатларига қарши курашиш учун ҳамкорликни кучайтиришни муҳокама қилди”, — дейилади Шимолий Корея расмийлари эълон қилган баёнотда.
Бир қанча хорижий нашрлар бу ташрифдан кўзланган асосий мақсад янги эълон қилинган санкцияларга қарши чора топиш ва қурол-яроғ борасида ҳамкорликни кенгайтириш бўлиши мумкинлигини ёзган. Ёпиқ суҳбат тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаган.
Изоҳ (0)