Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга бораётган, ушбу мамлакатда бўлиб турган ёки чиқиб кетаётган Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш билан чиқди.
Россиянинг Москва вилоятидаги Crocus City Hall концерт залида 22 март куни юз берган теракт сабабли бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Шу муносабат билан агентлик Россияга бораётган, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб турган ёки мамлакатдан чиқиб кетаётган фуқаролардан ушбу хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўради.
Хусусан, шахсни тақдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларига сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинади.
“Юртдошларимиз бирор муаммога дуч келганда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан мамлакатимизнинг консуллик идоралари ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкин”, — дейилади агентлик хабарида.
Изоҳ (0)