Бош вазир Абдулла Арипов 25 март куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига ташриф буюриб, элчи Олег Малгинов орқали бутун Россия халқига таъзия билдирди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби хабар берди.
Абдулла Арипов аввалроқ Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустинга Москва вилоятидаги Crocus City Hall мажмуасида содир бўлган теракт оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва оғир жароҳат олгани муносабати билан ҳамдардлик мактубини юборган эди.
Шунингдек, бугун, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги парламент аъзолари Москва вилоятида содир этилган теракт муносабати билан Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, Россия халқига таъзия билдирди.
22 март куни кечқурун Москва вилоятидаги Crocus City Hall концерт залида теракт содир этилган эди. “Пикник” гуруҳи чиқишидан олдин залга қуролланган одамлар бостириб кириб, томошабинларга қарата ўқ узган. Шундан сўнг кетма-кет портлашлар ва ёнғин бошланган. Воқеа оқибатида камида 133 киши ҳалок бўлган, яна 154 киши жароҳатланган. Россия фавқулодда хизматлари вакиллари бу якуний рақамлар эмаслигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)