Тошкентда гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 6 март куни Янгиҳаёт туманидаги “Янгиҳаёт” ЙПХ масканида Lacetti автомашинаси тўхтатилган. Мазкур автомашина йўловчиси 34 ёшли Абдулазиз Ш. холислар иштирокида текширилганда, унинг ёнидан 200 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси топилиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Шунингдек, шу куни ўтказилган тезкор тадбир давомида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сақлаган 36 ёшли Мухлиса А. қўлга олинган. Фуқаро холислар иштирокида текширилганда, 50 дона “Зардекс” ва 24 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 1 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси ва электрон тарози топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 251 прим 1-моддаси 3-қисми (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Изоҳ (0)