Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция университети ташкил этилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 11 март куни олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Франциянинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез билан учрашди. Томонлар икки давлатнинг олий таълим, профессионал таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорлиги ҳамда ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларни муҳокама қилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция университетини ташкил этиш, жорий йил сентябрь ойидан университетнинг тайёрлов курсларини очиш, ўқув режалари, таълим дастурларини яратиш ва тасдиқлаш, профессор-ўқитувчиларни жалб этиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларининг Францияда амалиёт ўташини ташкиллаштириш, талабаларга француз тилини ўргатиш дастурларини янада такомиллаштириш, француз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўладиган Ўзбекистон-Франция ректорлар форумига тайёргарлик масалалари ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди.
Изоҳ (0)