Украина Европа Иттифоқи билан биргаликда артиллерия ўқ-дорилари ва энг янги ҳарбий техника ишлаб чиқаради. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда альянсга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилиши бўлиб ўтаётган брифингда маълум қилди.
“Биз Украина мудофаа саноати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Мен НАТО бўйича барча иттифоқчиларнинг Украина мудофаа саноатини қандай қилиб янада кучайтиришимиз мумкинлигини аниқлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлайман. Ўйлайманки, украиналиклар замонавий қуроллар ишлаб чиқариш борасида зукколик ва маҳорат намойиш этишди”, — деди Столтенберг.
Унинг таъкидлашича, украиналиклар билан ҳамкорликда 155 миллиметрли снарядлар ва янги турдаги қуроллар ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари, НАТОнинг кенг қамровли қўллаб-қувватлаш пакети Украинанинг тезроқ интеграциялашуви ва альянс билан янада яқинлашишига ёрдам беради, деди Столтенберг.
Изоҳ (0)