Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида “Навбаҳор” футбол клубининг тақдимот тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Абдураззоқов “Навбаҳор”нинг ўтган йилги натижалари, хусусан, миллий чемпионатдаги ёрқин ўйинлар, Осиё Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятли иштирокини эътироф этиб, янги мавсумда чемпион бўлиш вақти келганлигини таъкидлади.
Шундан сўнг ўтган мавсумда бронза медалини қўлга киритган футболчилар, мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятига медаллар топширилди.
“Навбаҳор”нинг янги мавсум таркиби таништирилиб, ўйинчиларга рақамлари ёзилган футболкалар тақдим этилди. Жамоа сафига келиб қўшилган футболчилар сафида эронлик ярим ҳимоячи Сиёвуш Ҳақназари, грузиялик ҳужумчи Гиорги Никабадзе, дарвозабон Александр Лобанов, ҳимоячи Фаррух Сайфиев, ярим ҳимоячи Одилбек Ҳамробеков, ҳужумчи Русланбек Жиянов ва бошқалар бор.
Маълумот учун, бу йил “лочинлар” Saber брендига мансуб футболкаларда майдонга тушади. Титул ҳомийси сифатида эса "E-AUKSION" электрон савдо платформаси қайд этилган.
“Дарё” ушбу тадбирдан видео ва фотолавҳалар тайёрлади.
Изоҳ (0)