Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Кўл” қишлоғига ёққан қор қалинлиги 90 сантиметргача етди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тоғли ҳудудда жойлашган “Кўл” МФЙда беш кундан бери қор ёғмоқда. Йўл четлари ва қатнов йўқ жойларда қорнинг қалинлиги 90 сантиметрга етган.
“Бу вазият аҳолининг турмуш-тарзига салбий таъсир этаётгани йўқ. Туман ҳокимлигининг ташаббуси билан аҳолининг эҳтиёжлари ўрганилиб, етарли миқдорда арзонлаштирилган кўмир ёқилғиси етказиб берилган. Ижтимоий соҳа объектлари ҳам барқарор ишламоқда”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан ёқилғи захираси шакллантирилиб, қишлоқ аҳолиси туман марказидан узилиб қолмаслиги учун йўллар махсус техникалар ёрдамида мунтазам қордан тозаланмоқда.
29 январь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тахтақорача довони кучли қор ёғаётгани сабабли автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилганини маълум қилганди. Довон йўли қайта очилиши бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади.
Изоҳ (0)