Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида 18 ёшли қизни Тошкентга олиб қочган йигитга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати “Дарё”га хабар берди.
Судланувчи Л.Қ. 2005 йил 27 ноябрда туғилган Н.М.га уйланиш мақсадида бир неча марта совчи юбориб, унинг ота-онаси қизини унга турмушга беришга рози бўлмагач, у дарсдан қайтаётган вақтида бир неча марта йўлини тўсган. Унга турмушга чиқиш таклифига рад жавоби олгандан сўнг, М.Н.ни 2023 йил 12 февралда ўзига тегишли Damas’да келиб, мажбуран машинаси орқа ўриндиғига миндириб олган.
Ўзи ҳам орқа ўриндиққа ўтиб, ўзига тортиб, уни қучоқлаб, ўзига тегишли телефонга фотосурат ва видеотасвирга олган. Бир неча кун ўтганидан сўнг М.Н.ни машинасига яна миндириб олиб, унга гаплашиб туриши учун телефон тутқазиб, агар телефонни олмаса, уйига келган совчиларга расмларни “ўзи билан ишқий муносабатда киришиб юргандек” қилиб кўрсатишини ва Интернет орқали тарқатиб, шарманда қилиш билан қўрқитишини айтган. 2023 йил 10 мартда М.Н.нинг олдига келиб, мажбуран машинасига миндириб олган ва қиз унга қаршилик кўрсата олмаганидан фойдаланиб, уни Тошкент шаҳрига олиб кетган.
Ўша ерда тегишга мажбур қилиб, ота-онаси, акаси ва ҳудудий профилактика инспекторининг зудлик билан қайтишни, акс ҳолда қонун олдида жавоб беришни назарда тутувчи SMS-хабарларига жавоб қайтармасдан, эртаси куни, 11 март куни М.Н. билан бирга Яккабоғ туманига қайтиб келган.
Судланувчи Л.Қ. ушбу ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 136-моддасида кўрсатилган жиноятни содир қилган. Унга нисбатан 2 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)