Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида тез ёрдам ҳайдовчиси калтакланди. Бу ҳақда вилоят ССБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумот берилишича, Чироқчи тумани тез тиббий ёрдам бўлимига шу йилнинг 12 декабрь куни соат 17:10 да “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Хўжақўрғон қишлоғида яшовчи, 1962 йилда туғилган аёл томонидан қон босимининг кўтарилиши шикояти билан чақириқ берилган. 8 километрлик масофага тез тиббий ёрдам бригадаси соат 17:24 да етиб борган.
Хонадонда беморнинг ўғли экани тахмин қилинаётган шахс тез тиббий ёрдам ммуаҳ ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, унинг юз қисмига жароҳат етказгани айтилмоқда. Шундай вазиятда ҳам тиббий бригада аъзоси бўлган ҳамшира ўз бурчини бажариб, аввал беморга, сўнг ҳайдовчига биринчи ёрдам кўрсатган. Автомашинани чақириқдан ортига қайтариш учун бошқа ҳайдовчи чақиртиришга тўғри келган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар идораларига хабар берилган. Айни пайтда вазият вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратига олинган.
Изоҳ (0)