АҚШ Мудофаа вазирлиги парламент аъзолари 2024 йилга мўлжалланган ҳарбий бюджет тасдиқлангунга қадар мудофаа лойиҳаларига 100 миллион доллар сарфлаши мумкин бўлади. Бу ҳақда Defence News хабар бермоқда.
1-октябрда бошланган 2024-молиявий йил мудофаа бюджети таклифи Мудофаа вазирлигига Конгресснинг расмий рухсатисиз айрим ҳарбий дастурлар устида ишлашни бошлаш имконини беради. Бироқ маълум бир лойиҳани амалга ошириш учун масъул бўлган Пентагон бўлимлари мудофаа вазирига нима учун бюджет тасдиқланишини кутмасдан бу дастурлар устида ишлашни дарҳол бошлашга кераклигини асослаб беришлари зарур.
Аввалроқ нашрнинг хабар беришича, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари вазири Фрэнк Кендалл ҳам худди шундай ташаббус билан чиққан, бироқ у бу мақсадлар учун 300 миллион доллар ажратишни таклиф қилган.
“100 миллион долларга молиялаштирилиши мумкин бўлган лойиҳалар орасида F-16 қирувчи самолётини янгилаш ҳам бор”, — деди Ҳарбий ҳаво кучлари котибининг сотиб олиш, технология ва логистика бўйича ёрдамчиси Эндрю Хантер Defence News нашрига.
Бу олтита самолётни автоном дастурий таъминот билан жиҳозлаш ва учувчисиз қирувчи самолётларни яратиш бўйича тажрибаларни бошлаш имконини беради.
АҚШнинг 2024 йилга мўлжалланган мудофаа бюджети лойиҳаси ўтган ҳафта Конгресс ҳар икки палатасининг Қуролли кучлар қўмитаси томонидан келишилган эди. Мудофаа бюджети рекорд даражадаги 886 миллиард долларни ташкил этади, бу ўтган молиявий йилга нисбатан 3 фоизга кўпдир.
Изоҳ (0)