Ижтимоий тармоқларда 9 декабрь куни тошкентликларни ва ИИО ходимларини жонли эфирда ҳақорат қилган шахс кечирим сўраб чиқди.
Видеода ҳақорат қилган шахс Наманган вилоятида истиқомат қилиши аниқланган. У 10 декабрь куни қилган ишидан пушаймон бўлиб, кечирим сўраб чиққан.
“Мен кеча кечқурун видеолайфда билмасдан, давлат ходимларини сўкиб юборганман. Ҳаммадан кечирим сўрайман.
Билмасдан гапирворган гапларимга тошкентликлардан ҳам кечирим сўрайман. Ҳамма кечиришини хоҳлайман”, — деган фуқаро.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисми нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш — БҲМнинг икки юз бараваридан (68 миллион сўм) тўрт юз бараваригача (136 миллион сўм) миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 28 ноябрь куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга оид қонунни қабул қилди. Ҳужжат билан давлат органларининг хизмат вазифаси давомида олинган фото-видеони интернетда ҳақорат қилиш мақсадида тарқатиш учун маъмурий жавобгарлик, ҳатто 15 сутка қамоқ жазоси белгиланмоқда. Мазкур норма “Очиқлик сиёсатига зид” экани жамоатчилик томонидан урғуланган.
Изоҳ (0)