Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала сифатида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу лойиҳа бошланганидан ўтган 2 йилда уй-жой массивларида 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди. Жорий йилда, 25 октябрдан 1 декабргача, “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинади, унинг доирасида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.
Бунда барча даражадаги раҳбарлар, вазирлар, ҳокимлар, маҳалла фаоллари, жамоат арбоблари, нуронийлар, санъаткор ва спортчилар, машҳур блогерлар ўрнак кўрсатишлари муҳимлиги таъкидланди.
Бунинг учун Республика штаби ташкил қилинади. Фанлар академияси, Тупроқшунослик, Ўрмончилик институтлари, ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳам штабга аъзо бўлади. Штаб тупроқ таҳлили, иқлим шароити асосида қаерга, қачон, қайси кўчат турини қанча экишни белгилаб беради.
Изоҳ (0)