Пентагон 6 сентябрга режалаштирилган янги LRHW узоқ масофали гипертовушли ракетанинг биринчи парвоз синовини бекор қилди. АҚШ Мудофаа вазирлиги учирилишнинг бекор қилиниши сабаблари ҳақида хабар бермаган.
“Вазирлик Флорида штатидаги космодромда гипертовушли технологияларимиз ривожи бўйича ҳисобот бериш учун синовлар ўтказишни режалаштирган эди, бироқ дастлабки текширувлардан сўнг учириш бекор қилинди”, — дейилади Пентагон хабарида.
Шу билан бирга, Пентагоннинг таъкидлашича, ҳаттоки парвоз синовисиз ҳам ерусти ускуналари ва дастурий таъминотнинг ишлаши бўйича маълумотларни муваффақиятли тўплаш мумкин бўлди. Ушбу маълумотлар ҳужумкор гипертовушли қуролларни жойлаштириш бўйича кейинги режаларга ёрдам беради, дея қўшимча қилди Пентагон.
Bloomberg’нинг қайд этишича, гипертовушли ракета синовининг бекор қилиниши гипертовушли технологияни ишлаб чиқиш бўйича бутун дастур жадвалига таъсир қилиши мумкин. Чунки АҚШ армияси 30 сентябрга қадар қуролни жанговар яроқли деб эълон қилишни режалаштирган эди.
Изоҳ (0)