Президент томонидан имзоланган қонун билан “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентлик, жумладан:
- соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
- қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.
Қонун билан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари белгиланган.
Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш бўйича ваколатлар берилган. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил сентябрь ойида ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар агентликка янги ваколатлар бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганди. 2021 йилда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев “Тошкент 5 ташаббус ҳаракати” ёшлар фестивали доирасида ўтказилган учрашувда Ўзбекистонда волонтёрлар мактаби очилишини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)