АҚШ президенти Жо Байден Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан Корея яриморолини ядросизлантириш масаласини муҳокама қилмоқчи. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди, деб ёзади Kyodo.
Унинг таъкидлашича, Байден ҳеч қандай шартларсиз Шимолий Корея раҳбари билан учрашишга тайёр.
“Биз ҳеч қандай шартларсиз, ўтириб музокаралар олиб боришга тайёрмиз”, — деди Кирби.
Унинг сўзларига кўра, Шимолий Корея бу таклифга ҳозирча ижобий жавоб бермаган, бироқ у ҳамон амалда.
Кирби бу ҳақда Байденнинг Япония ва Жанубий Корея етакчилари билан уч томонлама саммити олдидан маълум қилди. Саммитда кун тартибидаги асосий масала Шимолий Кореянинг ядро ва ракета салоҳиятини жадал ривожлантираётгани бўлади.
Маълумот учун АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин Шимолий Кореяни ядросизлантириш масаласини муҳокама қилиш учун уч марта учрашган.
Изоҳ (0)