Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида “комфорт” мактаблар қурилиши бошланди. Республика президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг топшириғига биноан “Комфорт мактаблар” миллий лойиҳаси доирасида шаҳарда 24 та мактаб қурилади, деб хабар берди Tengrinews.
Хабарга кўра, янги форматдаги таълим муассасалари икки сменада 90 мингга яқин ўқувчини қабул қилади. 24 та “комфорт” мактабнинг 15 таси жадал ривожланаётган Нура ва Есил туманларида барпо этилади.
Айни пайтда 15 та шундай мактабни қуриш ишлари бошланган. Остона шаҳри ҳокими Женис Қосимбек ва Samruk-Kazyna Construction компанияси бошқарув раиси Маулен Айманбетов мактаб лойиҳалари ва қурилишга тайёргарлик ишларининг бориши билан танишган.
“Комфорт” мактабларнинг алоҳида хусусиятлари ҳақида маълумот берилмаган.
Аввалроқ Қозоғистон таълим вазири Ғани Бейсембаев мамлакатда 2023 йилда коррупсионерлар пулига 70 та мактаб қурилишини маълум қилганди. У лойиҳада янги мактаблар қуришдан ташқари, мавжудларини таъмирлаш ҳам кўзда тутилганини айтди. Қозоғистон Молия вазирлигининг махсус ҳисобида порахўр амалдорлардан мусодара қилинган 120 миллиард тенге (278 млн доллар) тўпланган.
Изоҳ (0)