Олий суд Пленумининг янги Конституцияни судлар томонидан фаол қўллашга оид муҳим қарори қабул қилинди. Бу ҳақда 23 июнь куни бўлиб ўтган Олий суд Пленуми йиғилишида маълум қилинди, дея хабар бермоқда “Дарё” мухбири.
Жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган эди. Шунга мувофиқ суд амалиётида Конституция нормаларини тўғридан тўғри қўллаш бўйича зарур асосларни яратиш мақсадида ягона суд амалиёти тўғрисидаги Олий суд Пленуми қарорини қабул қилиш белгиланган.
Йиғилишда Пленумнинг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорда:
Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туриши;
Судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши.
Зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилган.
Конституция нормалари суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланилади.
Башарти соҳавий қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланса, фақатгина Конституция нормаларига асосланилиши лозимлиги қайд этилди.
Йиғилишда, шунингдек, Пленумнинг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” ва “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Изоҳ (0)