“Барселона” Лионель Месси трансфери бўйича “Интер Майами” билан биргаликда ишламоқчи.
Аргентиналик футболчининг “ПСЖ” билан амалдаги шартномаси 30 июнга қадар мўлжалланган. Лео Париж клуби билан шартномани узайтирмаслиги ойдинлашиб бормоқда.
Ҳозирда Мессига Саудия Арабистони клубидан жиддий таклиф бор. Шунингдек, унда “Барселона”га қайтиш ёки MLS клубига ўтиш варианти ҳам мавжуд.
Лео ва унинг оиласи Саудияга боришдан кўра Каталонияга қайтишни маъқул кўрмоқда. Лекин Серхио Бускетс ва Альбанинг кетиши ҳам “Барселона”нинг молиявий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатмаган. “Кўк-анорранглилар” аргентиналик билан шартнома имзолашда қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
ЛъЭқуипе нашрининг хабарига кўра, “Барселона” ва “Интер Майами” Лео трансфери бўйича биргаликда ҳаракат қилмоқчи.
Унга кўра, Месси Америка клуби билан шартнома имзолайди ва дарҳол 6 ёки 18 ойга “Барселона”га ижарага берилади. Бу эса футболчига Америка Кубоги — 2024 га қадар формасини сақлаб туришига ёрдам беради. Бундай вариант 2022 йилда ҳам кўриб чиқилганди, бироқ ижобий натижа чиқмаган.
35 ёшли футболчи жорий мавсум “ПСЖ” сафида 40 та ўйинда майдонга тушиб, 20 та гол ва 21 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Изоҳ (0)