Қирғизистон республикасининг Первомайский туман суди Бишкек марказида митинглар ўтказишни тақиқлаш муддатини узайтирди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати хабар берди.
Суд маҳаллий маъмуриятнинг тинч йиғилишлар учун жойларни чеклаш ҳақидаги қарорини қонуний деб топди. Қарорга кўра, Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида, Эркиндик булварида, Жўқорғи Кенеш ва президент маъмурияти, Олий суд, Россия элчихонаси, давлат бинолари яқинида, Миллий хавфсизлик қўмитаси, шунингдек, Иван Панфилов номидаги истироҳат боғи ва Таттибюбю Турсунбоева номидаги майдон ҳудудида акциялар ўтказиш тақиқланди.
Тақиқ 30 июнгача амал қилади, тинч йиғилишларга фақат Максим Горкий майдонида рухсат берилади.
Митинглар ўтказишни тақиқлаш давлат ва муниципал расмий тадбирларга тааллуқли эмас.
Максим Горкий номидаги майдонда норозилик билдириш мумкин.
Шаҳар марказида оммавий намойишлар ўтказишни тақиқлаш Қирғизистон пойтахти мерияси томонидан тартибсизликлар олдини олиш мақсадида киритилган эди. Пойтахтнинг Первомайский суди бу қарорни қонуний деб тан олган. Шундан бери тақиқлар вақти-вақти билан узайтирилиб келмоқда.
Изоҳ (0)