Украинанинг Херсон шаҳрида оккупация даврида Россия томонидан давлат даражасида молиялаштирилган камида 20 та қийноқ қамоқхоналари ташкил этилган. Бу ҳақда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилаётган Mobile Justice Team (Мобил адлия жамоаси) халқаро адвокатлар гуруҳи маълум қилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу қамоқхоналардан ўтган мингдан ортиқ маҳаллий аҳолидан кўрсатмалар олинган. “Россия давлати томонидан молиялаштириладиган оммавий қийноқ камералари тасодифий эмас, балки Украинанинг миллий ва маданий ўзига хослигини йўқ қилишга мўлжалланган аниқ режанинг бир қисми”, — деди гуруҳ раҳбари британиялик ҳуқуқшунос Уэйн Жордаш The Guardian нашрига.
Унинг аниқлик киритишича, бу қамоқхоналарнинг баъзилари Россия ҳарбийлари ёки Федерал хавфсизлик хизмати томонидан, бошқалари эса Херсон вилояти ёки ўзини ўзи республика деб эълон қилган Донецк ва Луганск республикаларидан коллаборантлар томонидан бошқарилган. Қамоқхоналарни бошқаришда иштирок этганлар орасида Херсон вилоятининг оккупацион маъмурияти раҳбари Владимир Салдо ҳам бўлган. “Биз унинг ролини аниқ билмаймиз, лекин у ушбу тизимни бошқаришда иштирок этган”, — деди Жордаш.
Қамоқхоналарга, биринчи навбатда, Украина давлат органлари ёки фуқаролик жамияти билан алоқадор одамлар — фаоллар, журналистлар, давлат хизматчилари ва ўқитувчилар тушган. Баъзи одамлар кўчада, телефонларидан “украинапараст” материаллар топилгани учун ҳибсга олинган.
Қийноқ камераларида одамларни калтаклашган, электр токи билан қийнашган, бошларини сувга солиб, нафас олишига йўл қўйишмаган, дейди адвокатлар. Қўлга олинганлар россияпараст шиорлар, шеър ва қўшиқларни ўрганишга ва ўқишга ҳам мажбурланган.
Херсон 2022 йил 2 мартдан 11 ноябргача саккиз ой давомида Россия истилоси остида эди. Бу вақт ичида шаҳарнинг 400 га яқин аҳолиси бедарак йўқолган.