Тошкент шаҳрида ҳавонинг майда чанг зарралари билан ифлосланиши ўрта ва яхши даражада. Бу инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмайди.
Табиат ресурслари вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетовнинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг табиий хусусиятлари (қуруқ иқлим, қумли ва гилли тупроқ) сабабли атмосфера ҳавосида муаллақ заррачалар — чанг миқдори юқори ҳисобланади.
“Гидрометеорология” хизмати агентлигининг Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини 15 та нуқтага ўрнатилган мосламалар орқали ўлчаб борилади ва кузатув натижаларига кўра ҳавонинг майда чанг зарралари (РМ 2,5) билан ифлосланиши даражаси ҳавонинг ўрта ва яхши даражадаги ифлосланиш тоифасига киради. Бу эса, инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмайди.
Мақола эълон қилингандан кейин Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳри бошқармаси томонидан ўрганиш таҳлил ишлари олиб борилиб, шаҳар ҳудудининг бир нечта нуқталарида атмосфера ҳавосидан таҳлил учун намуналар олинган. Олинган таҳлил натижаларига кўра атмосфера ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори меъёр даражасидан ортиқ ҳолатлар аниқланмаган.
Тошкент шаҳрида экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, атроф табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган корхоналарда ушбу ҳолатларни бартараф қилишга кўмаклашиш бўйича йўл харитаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган. Ҳозирда ҳолат бўйича тегишли мутасадди вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирокида қўшимча илмий ўрганишлар ва таҳлиллар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)