Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2023 йилда инфляция даражасини пасайтириш чоралари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил якуни билан Ўзбекистонда инфляция 12,3 фоизни ташкил этган. Барча иқтисодий механизмларни қўллаб, 2023 йилда бу кўрсаткични 10 фоиздан пастга тушириш мақсад қилинмоқда.
Бунинг учун истеъмол товарлари, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни даладан дастурхонгача етказиб беришдаги харажатларни қисқартириб, арзон бўлишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш учун аҳолига ажратилган жами 200 минг гектар ердан унумли фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ушбу чора-тадбирларни тизимли ташкил этиш учун ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида йўл хариталари ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Аҳоли даромадларини оширишда уларнинг бўш пул маблағларини молия бозорига жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада яратилаётган қулайликлар ўз натижасини бермоқда. Жумладан, охирги уч йилда аҳолининг банкдаги омонатлари 2 бараварга ошди. Йиғилишда аҳоли учун жозибадор молиявий хизматлар турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Изоҳ (0)